TOШКЕНТ, 18 июн — Sputnik. Венгрия Миллий музейи Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилмоқчи. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия Миллий музейи ижрочи директори Жигмонд Габор билан учрашди. Музокаралар чоғида маданият ва музей иши, археология, реставрация ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.
Венгрия томонига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди. Венгрия вакили икки томонлама алоқаларни, жумладан, Ўзбекистон музейлари билан маслаҳатлашувларни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
"Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдормиз. Шунингдек, 2025 йил августидан 2026 йилнинг февраль ойигача бўлиб ўтиши режалаштирилган "Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мероси" халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этишдан мамнун бўлар эдик", – деди Жигмонд Габор.
Томонлар Ўзбекистон ва Венгриянинг ихтисослаштирилган муассасалари ўртасида маданий алмашинувни янада ривожлантириш ва шерикликни мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқлашди.