TOШКЕНТ, 18 июн — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик режасини тайёрламоқда. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати маълум қилди.
ЕИК Ҳайъати раиси Бакитжан Сагинтаев ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге билан учрашди.
"Евроосиё иқтисодий комиссияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг умумий қадриятлар ва мақсадларга асосланган ҳамкорлиги ЕОИИ маконида соғлиқни сақлашнинг замонавий ва барқарор архитектурасини шакллантиришнинг муҳим элементидир", — деди Сагинтаев.
Айни пайтда ЕИК ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси 2026-2028 йилларга мўлжалланган меморандумни амалга ошириш режасини тайёрламоқда.
"Ҳамкорликнинг янги босқичи ЕОИИ доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлади", — дейилади хабарда.
Маълумот учун, ЕИК ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси 2021 йилда ўзаро англашув меморандумини имзолаган. ЕОИИ давлатлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти доирасидаги фаолиятини ташкилотнинг Европа минтақавий бюроси мувофиқлаштирадиган минтақага киради.