TOШКЕНТ, 17 июн — Sputnik. М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети профессори Владимир Якунинга “Фахрий профессор” унвони топширилди, дея хабар берди Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.
Тошкент давлат транспорт университетида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев, М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети Давлат сиёсати кафедраси мудири, профессор Владимир Якунин ҳамда муассаса раҳабрияти иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Унда қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, илмий-амалий конференциялар ташкил этиш каби масалалар кўриб чиқилди.
“Учрашув доирасида профессор Владимир Якунинга Тошкент давлат транспорт университетининг “Фахрий профессори” унвони тантанали равишда топширилди. Ушбу унвон олимнинг халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришда ҳиссаси ва таълим соҳасидаги хизматлари эътирофи сифатида тақдим этилди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, икки нуфузли олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиши, илм-фан ва таълим соҳасида барқарор ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилишига ишонч билдирилди.
Владимир Якунин университет фаолияти, илмий лабораториялар ва таълим жараёнлари билан яқиндан танишди.