TOШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Ўзбекистон давлат спорт академияси ўз фаолиятини бошлади, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Хабарга кўра, Академия 2025/2026 йилда ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишни бошлайди. Маскур таълим муассасаси давлат олий таълим муассасаси мақомига эга.
“Талабаларни қабул қилиш параметрлари Республикадаги бошқа олий таълим муассасалари учун белгилаган давлат буюртмаси доирасида амалга оширилади. Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг битирувчилари тўғридан тўғри иккинчи босқичга қабул қилинади”, — дейилади хабарда.
Академия талабалари спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ ўтказиладиган республика мусобақаларида тўғридан-тўғри иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида президент имзолаган тегишли қарорга кўра, Олий спорт маҳорати институти негизида Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил этилди.