Малайзия компанияси Қашқадарёда ГЭС қуриш лойиҳасида иштирок этади — тафсилотлар

Малайзия компанияси Қашқадарё вилоятида ГЭС қуришга сармоя киритиш имкониятларини ўрганди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Малайзия компанияси Қашқадарё вилоятида гидроэлектр станцияларини (ГЭС) қуриш лойиҳасида иштирок этмоқчи, дея хабар берди "Дунё" АА.
Малайзиянинг "Nexus Green Resources Sdn Bhd" компанияси бош ижрочи директори бошчилигидаги делегация Қашқадарё вилоятида ГЭС қуришга сармоя киритиш имкониятларини ўрганди.
“Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов билан учрашуда Малайзия вакиллари вилоятда мавжуд дарё ва каналларда сув оқимидан оқилона фойдаланган ҳолда ГЭСларни қуриш лойиҳасини маҳаллий ҳамкорлар билан бирга амалга оширишга тайёрлигини билдирди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, "Nexus Green Resources Sdn Bhd" ва Хитойнинг "Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd." компаниялари мутахассисларидан иборат жамоа вилоятда жойлашган дарё ва каналларини бориб кўрди. Уларда кичик ГЭСларни жойлаштиришнинг техник имкониятлари ва самарадорлик кўрсаткичларини ўрганди.
Айтилишича, Малайзия компанияси Энергетика вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасида дастлабки шартларни белгилаш тўғрисидаги битимни имзолашни режалаштирмоқда.
Малайзиянинг энг йирик кўчмас мулк компанияси Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи