TOШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ЮНСИТРАЛ билан биргаликда халқаро савдо ҳуқуқининг долзарб масалаларига бағишланган иккинчи вебинар ўтказди, унда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари ваколатли органлари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
ЕИК тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш департаменти директори ўринбосари Лусине Тумян жаҳон иқтисодиётининг жадал ўзгариши шароитида халқаро савдо ҳуқуқи тобора муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади.
“ЕИК ва ЮНСИТРАЛ ўртасидаги мулоқот ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу борадаги илғор халқаро амалиёт билан яқиндан танишиш имконини беради. Биз тажриба алмашиш ва халқаро савдо ҳуқуқи нормаларини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликда ишлашнинг катта аҳамиятини кўрамиз”, - деди Лусине Тумян.
Комиссия вакили ЕОИИ давлатлари ва ЮНСИТРАЛ ўртасидаги фаол мулоқот муҳимлигини таъкидлади, бу унинг фикрича, мамлакатларга нафақат жорий тенденциялар ва глобал ташаббуслардан хабардор бўлиш, балки халқаро ҳуқуқий стандартларни шакллантиришда иштирок этиш имконини беради.
Муҳокама иштирокчиларга ЮНСИТРАЛ механизмлари ва воситалари ҳақидаги билимларини кенгайтириш ва ЕОИИ доирасида халқаро савдо ҳуқуқини қўллаш амалиётини муҳокама қилиш имконини берди.
ЮНСИТРАЛ (UNCITRAL) - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси. У халқаро савдо ҳуқуқини бирлаштириш ва уйғунлаштиришга кўмаклашиш учун 1966 йилда ташкил этилган. У БМТнинг халқаро савдо ҳуқуқи соҳасидаги асосий юридик органи ҳисобланади.