ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировга Россия Федерациясининг “Дўстлик” ордени топширилди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Орденни топшириш маросими Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг Маданият бўйича қуйи комиссиясининг бешинчи мажлисида бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда Россия маданияти кунлари
© Министерства культуры
Унда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Россия маданият вазири Ольга Любимова иштирок этди.
Вазирлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданият соҳасидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида маданий соҳадаги алмашинув ва ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистонда Россия маданияти кунлари
© Министерства культуры
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрь ойида Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон санъаткорларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Ҳужжатга мувофиқ, “Ялла” ансамбли бадиий раҳбари Фаррух Зокиров ва “Ўзбекконцерт” артисти Севара Назархонова “Дўстлик” ордени билан тақдирланганди.
“Дўстлик” ордени 1994 йил таъсис этилган. У Россия ва чет эл фуқароларига халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги хизматлари, фан ва маданият соҳасидаги ютуқлари учун берилади.