TOШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Россиянинг “Янги Қуддус” музейида “Оламлар орасидаги нур” номли ноёб халқаро кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди. Очилиш маросимида Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Бу кенг кўламли лойиҳа илк бор мазкур музей коллекцияси ҳамда Нукусдаги Игор Савицкий номидаги музей тўпламидаги дурдоналарни бир жойда бирлаштирди.
“Кўргазмада рус авангарди усталари — Никритин, Шевченко, Чекригин, Романович, Соколов, Фалк ва бошқаларнинг асарлари намойиш этилмоқда. Ушбу рассомлар услуб жиҳатдан турлича бўлса-да, барчасини “янги инсон” образини излашга бўлган интилиш бирлаштиради. Бундай ташаббуслар санъат, таълим, креатив иқтисодиёт соҳаларида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ва умумий маданий меросимизни асрашга хизмат қилади”, — деб ёзади Саида Мирзиёева.
Маълумот учун, экспозицияга “Янги Қуддус" музейи ва Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси санъат музейи коллекцияларига мансуб 40 нафар рассомнинг 160 тадан ортиқ рангтасвир ва график асарлари киради.
Ташкилотчиларнинг фикрича, “Оламлар орасидаги нур” кўргазмаси ХХ асрнинг 20-30 йилларидаги бадиий жараёнга унинг бутун мураккабликлари ва хилма-хиллиги билан янгича назар ташлаш имконини беради.