TOШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Россия Федерациясининг энг йирик нефть ва газ ҳудудларидан бири Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилмоқчи, дея хабар берди “Дунё” АА.
Ўзбекистон бош консулхонаси ходимлари Россиянинг Ханти-Мансийск автоном округи меҳнат ва бандлик департаменти директори ўринбосари Алексей Мокринский ва ушбу ҳудуддаги йирик компаниялар раҳбарлари билан онлайн музокаралар ўтказди.
Алексей Мокринскийнинг айтишича, округдаги нефть ва газ соҳаси ҳамда бошқа йўналишларда жами 20 мингдан зиёд бўш иш ўринлари мавжуд.
"2024 йилда округда меҳнат фаолияти патентларини расмийлаштирган чет эл фуқаролари умумий сонининг катта қисмини (60%) Ўзбекистон фуқаролари ташкил этган. Иш берувчиларда эса ўзбекистонликларни ишга жалб қилиш бўйича талаб тобора ортиб бормоқда", — деди Мокринский.
Бош консулхона вакиллари учрашув иштирокчиларига республика фуқароларини ишга жалб қилишни тартибга солувчи Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳукуматлараро битим қоидаларини батафсил тушунтирди. Иш берувчиларга ҳамкорлик шартномалари лойиҳалари ва ариза шакллари кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Учрашув сўнгида Ханти-Мансийск автоном округида йирик иш берувчи ташкилотлар раҳбари билан Ўзбекистон фуқароларини уюшган ҳолда ишга жойлаштириш соҳасида келгусидаги ҳамкорлик тўғрисида дастлабки келишувларга эришилди.
Маълумот учун, Ханти-Мансийск автоном округи Россия Федерациясининг субъекти бўлиб, Тюмен вилояти таркибига киради. У мамлакатнинг энг йирик нефть ва газ ҳудудларидан бири ҳисобланади.