Ўзбекистон ва Покистон биргаликда трактор ишлаб чиқаришни бошлайди

Икки мамлакат ишбилармонлари тракторлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришга келишиб олишди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Ўзбекистон ва Покистон биргаликда трактор ва турли қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришга келишиб олди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Ўзбекистон элчихонаси кўмагида "AgroTech Klaster" МЧЖ вакилларининг Покистоннинг Лаҳор шаҳрига ишчи сафари ташкил этилди. Сафар давомида Покистон қишлоқ хўжалиги техникаси, трактор ишлаб чиқарувчи компаниялари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Покистоннинг етакчи трактор компанияларининг ишлаб чиқариш қувватлари ва қўлланиладиган технологиялари билан танишди. Шунингдек, "AgroTech Klaster" томонидан ишлаб чиқариладиган трактор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари тақдимоти ўтказилди.
“Музокаралар натижасида 50-85 от кучига эга бўлган, икки давлат иқлимига мослаштирилган тракторларни ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларини ҳамда улар учун эҳтиёт қисмларни биргаликда ишлаб чиқаришни илгари суриш, маҳсулотлар нархини оптималлаштириш масалаларида келишувларга эришилди”, — дейилади хабарда.
Делегация вакиллари машинасозлик, жумладан, трактор воситалари ва қишлоқ хўжалиги техникалари бозорига оид маркетинг маълумотлари, маҳаллийлаштириш даражаси, соҳага оид қонунчилик талаблари билан ҳам танишишди.
Қайд этилишича, янги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш учун Покистон ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистонга таклиф этилди.
Ўзбекистон пахта, буғдой, узум ва мева навларини кўпайтирмоқчи