TOШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларига табрик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Қадрли фарзандларим! Аввало, сиз, азизларни ҳаётингиздаги бугунги унутилмас қувончли воқеа – мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, етуклик шаҳодатномасини қабул қилиб олаётганингиз ва мустақил ҳаётга қадам қўяётганингиз билан самимий муборакбод этаман”, - дейилади табрикда.
Таъкидланишича, мамлакатдаги 10 мингдан зиёд мактабда “сўнгги қўнғироқ”лар жаранглаб, 450 минг нафардан ортиқ битирувчи ёшлар шаънига эзгу тилаклар билдирилмоқда.
11 минг 500 нафардан зиёд ўқувчилар мактабни олтин медаль билан, 2 мингдан ортиғи эса кумуш медаль билан битирмоқда.
“Сизларнинг замонавий илм ва касб-ҳунарлар, она тили билан бирга хорижий тиллар, IT ва инновацион технологияларни, ижод ва тадбиркорлик соҳаларини пухта эгаллашингиз учун ҳозирги кунда 201 та олий ўқув юрти, 598 та техникум, кўплаб мономарказ ва технопарклар, кутубхоналар, маданият, санъат ва спорт муассасалари самарали фаолият кўрсатмоқда”, - дейди президент.
Мирзиёевга кўра, ёшлардан мактаб, устозлар ва ота-оналар, бутун халқ фақат эзгу ишлар ва ёрқин натижалар кутади.
“Ана шундай юксак ишончга доимо муносиб бўлинг! Интилиш, изланиш ва янгилик яратишдан асло чарчаманг! Мустақил ҳаёт сари илк қадамларингиз қутлуғ бўлсин, азиз ўғил-қизларим!”, - дея якунланган табрик.