ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Ўзбекистон орқали Афғонистонга юк ташиш ҳажми ошди. Бу ҳақда “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон –Афғонистон – Покистон” халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳнинг онлайн йиғилишида маълум бўлди.
2024 йил якунига кўра "Трансафғон" йўналишида юк ташишлар ҳажми 5 миллион тоннадан ошгани, жумладан, хорижий давлатлардан Ўзбекистон орқали Афғонистонга йўналтирилган транзит ҳажми 3 миллион тоннадан ошгани қайд этилди.
Бундан ташқари, Афғонистон орқали Қирғизистон, Тожикистон, Грузия, Нидерландия, Туркия, Хитой ва Саудия Арабистони каби мамлакатларга 500 минг тоннага яқин транзит юк ташилган.
Онлайн учрашувда томонлар Афғонистон томонининг йўлакка унинг ажралмас қисми сифатида қўшилиши муҳимлигини таъкидладилар. Учрашув якунида ишчи гуруҳ аъзолари иштирокчи мамлакатларнинг темир йўл маъмуриятлари иштирокида офлайн учрашув ўтказиш бўйича келишувга эришдилар.