TOШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Россия Федерацияси ҳудудига 30 июндан бошлаб визасиз режимда келган чет эл фуқаролари уч кун ичида "Госуслуги RuID" мобиль иловаси орқали рақамли рўйхатдан ўтишлари шарт бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими хабар берди.
Янги қоидаларга кўра, чегарани кесиб ўтишдан олдин электрон ариза топшириш ва махсус QR-код олиш керак: у Россия ҳудудига киришда мажбурий бўлади.
Рақамли кодни расмийлаштириш учун иловада шахсий кабинет яратиш, фотосурат ва шахсий маълумотларни юклаш, шунингдек, мамлакатда бўлишнинг тахминий саналарини кўрсатиш керак. Ариза сафардан камида 72 соат олдин берилиши лозим.
Беларусь фуқаролари, 6 ёшгача бўлган болалар, шунингдек, Россияга виза, вақтинча яшаш учун рухсатнома ёки яшаш гувоҳномаси билан келаётган шахслар рўйхатдан ўтишдан озод қилинади. 6 ёшгача бўлган болаларга QR-код керак эмас. 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун ариза ота-оналар ёки васийлар томонидан берилади - агар уларда кириш учун амалдаги рухсатнома мавжуд бўлса.
Фавқулодда вазиятларда, масалан, яқин қариндошининг касаллиги ёки вафоти сабабли, ариза келишдан 4 соат олдин берилиши мумкин.