TOШКЕНТ, 19 май — Sputnik. “Шаффоф қурилиш” платформасида қурилиш материаллари корхоналари реестри ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги қурилиш материаллари саноатидаги ишлар ва асосий вазифаларга оид тақдимотда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Бу йил биринчи чоракда қуйидагилар амалга оширилди:
ишлаб чиқариш 8 фоизга, экспорт эса 11 фоизга ўсди;
инвестиция дастури доирасида 500 миллион долларлик 9 та йирик лойиҳа ишга тушди;
Душанбе, Кобул ва Филадельфия шаҳарларида Ўзбекистон савдо уйи ташкил этилди.
“Йил якунигача 2,4 миллиард долларлик 312 та лойиҳани бажариб, 16 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш миқдорини 53 триллион сўмга, экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш мўлжалланган”, — дейилади хабарда.
Давлат раҳбари соҳада сифат, таннарх ва қурилиш маданияти энг долзарб масала эканини қайд этди.
Айтилишича, ариқ ва канал юзалари учун ўрамли бетон қопламаси тайёрлаш технологияси бўйича иш бошланган. Натижада бетонлашга кетадиган вақт ва харажат 10 фоизга, сув сарфи 3-5 фоизга камайиши ҳисоб-китоб қилинган.
Президент геология ва илмга катта эътибор қаратиб, ички ва ташқи бозорлар учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етказиб бериш зарурлигини таъкидлади. Энергия ва ресурс сарфи юқори йўналишларни таҳлил қилиб, тежамкор инновацион ечимларни қўллаш муҳимлиги қайд этилди.
Ўтган йили тармоқдаги йирик корхоналар энергия аудитидан ўтказилганда 300 миллион киловатт соат иқтисод қилиш имконияти аниқланган. Бундай корхоналарда технологияни янгилаш ҳамда иш тартибини оқилона ташкил этиш орқали харажатларни камайтириш мумкинлиги айтилди.
“Шаффоф қурилиш” платформасида қурилиш материаллари корхоналари реестрини ташкил қилиб, у орқали сифат назоратини таъминлаш вазифаси қўйилди.