ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланди. Бу ҳақда президент имзолаган тегишли қарорда назарда тутилган.
“2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2030 йилда қуйидаги кўрсаткичларга эришиш белгиланди:
3,3 млн нафар мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида экологик маданиятнинг шаклланиши;
4,2 млн нафар умумий ўрта таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбиянинг мустаҳкамланиши, экологик маданиятнинг юксалиши.
Қарор билан 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланди.
Концепция 2027 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар 2 йил муддатга тасдиқланадиган алоҳида “йўл харитаси” асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг экологик билимини оширишга қаратилган бепул ўқув курслари ташкил этилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.
Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан айрим текширувлар “Ягона давлат назорати” тизимида рўйхатга олиш орқали ўтказилиши белгиланди.
Ҳужжат билан“Эколог олимлар ҳамжамияти” нодавлат нотижорат ташкилоти таъсис этилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 августдан Давлат экологик назорат инспекцияси инспекторлари қуйидаги ҳолатлар аниқланганда тезкор назорат тадбирларини текширувлар бошлангандан сўнг 24 соат ичида “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этиш тартибида амалга оширади:
юридик шахсларнинг ўз ҳудудида бино, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш ёки йўқ қилиш;
ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш;
ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш.
“Янги дарахт – янги нафас” республика экочемпионати амалга оширилади
Қарорга кўра, 2025 йил 1 декабрдан Экология вазирлиги атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизими маълумотлари базаларининг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлайди ҳамда уларда қуйидаги маълумотларни жойлаштириб боради:
ҳар йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экиладиган дарахт ва кўчатлар ҳақида;
дарахт ва буталарни кесиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш мақсадида тақдим этилган аризалар ҳақида;
сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олиш бўйича жорий қилинган мораторий тартибини бузган шахслар ҳақида.
2025 йилдан ҳар йили қуйидагилар амалга ошириб борилади:
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Янги дарахт – янги нафас” республика экочемпионати;
ҳар ойда 1 маротаба “Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз” шиори остида акциялар, ташвиқот тадбирлари.
Бундан ташқари, олий таълим муассасалари талабалари томонидан Ўзбекистон эковолонтёр талабалари ҳаракати ташкил этилади.