TOШКЕНТ, 10 май — Sputnik. БМТда Ўзбекистоннинг глобал ўрмонларни қайта тиклаш ва барқарор ўрмон бошқарувини жорий этиш бўйича ташаббуси тақдим этилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
6 май куни Нью-Йорк шаҳрида (АҚШ) БМТнинг Ўрмонлар бўйича форуми 20-сессияси бўлиб ўтди. Унинг доирасида Ўзбекистон Конго билан биргаликда "БМТнинг ўрмонларни тиклаш ва ривожлантириш бўйича ўн йиллиги контекстида ўрмонларни барқарор бошқариш тамойилларига мос келадиган глобал ўрмон мақсадларига эришиш" мавзусида ёрдамчи тадбир ташкил қилди.
Тадбир ўрмонларни барқарор бошқариш доирасида амалга оширилаётган аниқ натижалар ва ташаббусларни тақдим этиш учун муҳим майдонга айланди. Конференцияда БМТга аъзо 120 дан ортиқ ташкилот ва мамлакат вакиллари иштирок этди.
Узбекистан представил в ООН инициативу по глобальному лесовосстановлению и устойчивому управлению лесами
© Министерства экологии, охраны окружающей среды и изменения климата Республики Узбекистан
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ўз чиқишида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТга аъзо 102 давлат томонидан қўллаб-қувватланган барқарор ўрмон бошқаруви бўйича резолюция глобал ўрмонларни тиклашга қаратилган тарихий қадам эканлигини таъкидлади. Шунингдек, вазир мамлакатда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион тупдан ортиқ дарахт экилаётгани, бу эса ўрмон қопламини 12 фоизга оширишга имкон берганини айтиб ўтди. Шунингдек, Орол денгизи қуриган тубида дунёдаги энг йирик ўрмонлаштириш лойиҳаси амалга оширилгани, бу ҳудудда 2 миллион гектар майдонда қурғоқчил иқлим шароитига мос дарахтлар экилганини таъкидлади.
“Биз аллақачон натижаларни кўряпмиз: чанг бўронлари 35 фоизга камаймоқда, 25 мингта “яшил” иш ўринлари яратилмоқда ва CО₂ чиқиндилари сезиларли даражада камаймоқда”, - деди Абдуҳакимов.
Конго Ўрмон хўжалиги вазири Розали Матондо Ўзбекистоннинг дўстона ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдириб, икки давлатнинг ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича БМТда эълон қилган ўн йиллик ташаббуси бутун дунё учун намуна бўлишига ишонч билдирди.
“Ўрмонларсиз иқлим ўзгаришига қарши курашиб бўлмайди. Биз Ўзбекистон билан биргаликда бутун дунёга ўрмонлар тиклаш бўйича резолюция таклиф этдик, бу бизнинг халқимиз, жамиятимиз ва сайёрамиз учун имконият яратади. Энди эса амалий ҳаракатларга ўтиш вақти келди”, - деди вазир.
Узбекистан представил в ООН инициативу по глобальному лесовосстановлению и устойчивому управлению лесами
© Министерства экологии, охраны окружающей среды и изменения климата Республики Узбекистан
БМТ Бош котиби ёрдамчиси Ивана Живкович Ўзбекистоннинг ташаббусини юқори баҳолаб, мамлакатнинг барқарор ўрмонларни тиклашдаги ҳиссасини, жумладан, БМТ Тараққиёт Дастури билан амалга оширилаётган ҳамкорликдаги лойиҳаларни эътироф этди.
БМТ ўрмонларни тиклаш ва яшил қопламаларни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликдаги лойиҳаларни янада кенгайтириш ниятини билдирди.
Тадбир якунида Азиз Абдуҳакимов келажакдаги Ўрмонларни тиклаш ўн йиллиги (2027–2036 йиллар) қатъий ҳаракатлар даври бўлиши кераклигини таъкидлади.
“Ўзбекистон Орол денгизидан халқаро платформаларгача деградацияга учраган ерларни ҳаётга қайтариш мумкинлигини исботлади. Биз ўз тажрибамизни баҳам кўришга ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда олға интилишга тайёрмиз”, - деди у.