TOШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Ўзбекистонлик дзюдочилар Душанбеда ўтган “Катта дубулға” турнирини 5 та медаль билан якунлашди, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Тожикистон пойтахтида дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнири ўз ниҳоясига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида +100 кг вазн тоифасидаги беллашувларда Ўткирбек Тўрабоев бронза медалига сазовор бўлди.
“Шу тариқа, ҳамюртларимиз мазкур мусобақани 1 та кумуш ва 4 та бронза медаллари билан якунлашди”, — дейилади хабарда.
Ғолиблар:
Кумуш медаль: -52 кг: Муҳайё Аҳматова
Бронза медаль: -66 кг: Артём Штурбабин, -73 кг: Ҳожиакбар Тошев, -81 кг: Муроджон Йўлдошев, +100 кг: Ўткирбек Тўрабоев.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Грузиянинг Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтган дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирида -90 кг вазн тоифасида кечган баҳсларда Умар Бозоров олтин медални қўлга киритган эди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақани 1 та олтин ва 2 та бронза медали билан якунлаган.