Ўзбекистон Абу-Даби халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида фаол иштирок этмоқда

Ўзбекистонда чоп этилаётган китобларни хорижий тилларга таржима қилиш ва уларни кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида XXXIV Абу-Даби халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди "Дунё" АА.
БАА президенти ҳомийлигида ўтказилиб келинаётган ушбу маърифат байрамида 96 мамлакат вакиллари ўзларининг 1400 дан ортиқ кўргазмалари билан иштирок этмоқда.
Бу йилги Абу-Даби халқаро китоб ярмаркаси ислом цивилизациясининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири, энциклопедик олим, табиб ва файласуф Ибн Сино меросига бағишланган. Жорий йилда Абу Али Ибн Синонинг жаҳон тиббиёти ривожига сезиларли таъсир кўрсатган ва араб тилида ёзилган машҳур "Тиб қонунлари" китобининг нашр этилганига минг йил тўлди.
Махсус ташкил этилган Ибн Сино павильонида унинг илмий мероси ҳамда ғоялари, ютуқлари ва инсоният цивилизациясига таъсирини акс эттирувчи материаллар ва интерфаол кўргазмалар ўрин олган.
Узбекистан принимает активное участие в международной книжной ярмарке в Абу Даби
Шу билан бирга, кўргазма доирасида Ибн Сино меросига бағишланган илмий ва амалий анжуманлар ўтказилмоқда. Жумладан, "Ибн Сино – ўрта асрда Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғлаган маърифат маёғи" деб номланган панел сессияда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти вакили маъруза билан иштирок этди. У Ўзбекистонда Ибн Сино меросини асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ва келгуси авлодларга етказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил сўз юритди.
Абу-Даби халқаро китоб ярмаркасида Ўзбекистоннинг "Ўзбекистон", "Ёш куч", "Замин-нашр", "Ҳилол-нашр", "Янги аср авлоди", "Ёшлар матбуоти", "Best book" каби етакчи ноширлик уйлари ва "Ўздавкитовсавдотаъминот" корхонаси ўз кўргазмалари билан қатнашяпти. Ўзбекистон стендида ўзбек адабиёти намуналари, турли тилларга таржима қилинган асарлар, замонавий ва анъанавий нашрлар намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари, шунингдек, хорижий ноширлар билан бир қатор музокаралар ўтказдилар. Уларда Ўзбекистонда чоп этилаётган китобларни хорижий тилларга таржима қилиш ва уларни кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида жорий йилнинг ноябрь ойида Шаржада бўлиб ўтадиган халқаро китоб ярмаркасида Ўзбекистон павильонини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
XXXIV Абу-Даби халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси 5 майга қадар давом этади.
Ўзбекистонлик созандалар БААдаги форумда иштирок этади