ИННОПРОМ — 2025

Тўқимачилик, кимё саноати ва маркировкалаш: ИННОПРОМ иштирокчиларининг асосий фикрлари

Халқаро кўргазма доирасида Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон қўшма ишбилармонлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг Россия бозоридаги улуши 14 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтаётган "ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи халқаро саноат кўргазмасида маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Абдували Содиқов халқаро кўргазма доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон қўшма ишбилармонлар кенгаши йиғилишида сўзга чиқди.
“Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг Россия бозоридаги улуши 14% га етди. 2025 йилда товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларга етиши мумкин”, — деди Абдували Содиқов.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Анвар Жумановнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Россиянинг кимё саноати корхоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида. Хусусан, бу лицензияланган деҳқончилик, ўғитлар ва пестицидларни етказиб бериш учун наноматериаллар, шунингдек, ишлаб чиқариш учун биологик парчаланадиган қадоқлаш воситаларини жорий этишга тааллуқлидир.
Шунингдек, кўргазмада Иркутск вилояти Андижон вилояти билан ҳамкорлик қилиши маълум бўлди. Ҳамкорлик шартномаси ва йўл харитаси аллақачон тайёрланган. Иркутск вилояти иқтисодий ривожланиш ва саноат вазирининг ўринбосари Марина Петрова амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида гапирди.
Ўзбекистонда биологик фаол қўшимчаларни ёрлиқлашнинг тажриба тизими йўлга қўйилди. Солиқ қўмитасининг товарларни маркировкалаш назорати бошқармаси бошлиғи Руслан Абсалямов таъкидлаганидек, Ўзбекистонда биологик фаол қўшимчаларни маркировкалашни жорий этиш ташаббуси ишлаб чиқарувчиларнинг ўзидан чиққан. 2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ёрлиқланган маҳсулотлар айланмаси 166 триллион сўмни ташкил этди. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 20 триллион сўмга кўпдир.
Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ истеъмолчи “Asl belgisi” иловасидан фойдаланади. Бу ҳақда "CRPT Turon" бош директори Анатолий Бачикалов маълум қилди.
Иловадан фойдаланиб, алкоголсиз ичимликларда қанча шакар ва калория борлигини билиб олиш мумкин. Шунингдек, дори воситаларининг ўртача нархи ва агар дори қимматроқ сотилган бўлса, шикоят қилиш ҳам мумкин. Тез орада дори воситаларининг минимал чакана нархини текшириш функцияси ишга тушади.
Ўзбекистонда саноат газ турбинали двигателларига хизмат кўрсатиш бўйича Россия сервис маркази ташкил этилади. Бу ҳақда "Иннопром" доирасидаги “Нефть ва газ саноатида технологик ҳамкорлик: инновациялар ва минтақавий энергия хавфсизлигини такомиллаштириш” сессиясида “ОДК Инжиниринг” компанияси бош директори ўринбосари Сергей Гуляев маълум қилди.
Шунингдек, компания “Марказий Осиё – Марказ” газ қувурлари тизимининг Ўзбекистондаги участкасида ўрганиш ишлари олиб боргани ва компрессор станциялари ва уларнинг двигателларини модернизация қилишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.
ИННОПРОМ — 2025
ИННОПРОМ-2025: кўргазманинг биринчи кунида қандай ҳужжатлар имзоланди?