ИННОПРОМ — 2025

Ўзбекистон “Евроосиё юрагига саёҳат” халқаро экспедициясида иштирок этади

Экспедициясияда Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 100 дан ортиқ киши қатнашади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. “Евроосиё юрагига саёҳат” халқаро экспедицияси 6 июнь куни бошланади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтаётган "ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи халқаро саноат кўргазмасида маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Россия-Тожикистон ишбилармонлар кенгаши раиси Ислом Назаралиев Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон қўшма ишбилармонлар кенгаши йиғилишида маълум қилишича, катта ҳажмдаги лойиҳа Россия ва Марказий Осиё давлатларини бирлаштиради.
Унда Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 100 нафардан ортиқ киши қатнашади. Иштирокчилар 50 кун давомида 30 тадан ортиқ шаҳарга ташриф буюриб, уларда илмий сессиялар, бизнес-форумлар, маданий тадбирлар ва маърифий учрашувлар ўтказади.
Экспедициянинг тантанали қисми Москвада бошланади.
Экспедиция икки босқичда ўтказилади:
Россия босқичи (2200 км): Москва-Владимир-Нижний Новгород-Чебоксари-Қозон-Набережние Челни-Уфа-Оренбург;
Марказий Осиё босқичи (Дўстлик карвони, 5800 км): Оқтов-Бойқўнғир-Қизилўрда-Туркистон-Чимкент-Тошкент-Тараз-Бишкек-Олмаота-Қоракўл-Жалолобод-Ўш-Наманган-Хўжанд-Самарқанд-Бухоро-Душанбе.
Экспедиция 26 июль куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган биринчи Марказий Осиё халқаро иқтисодий форумида якунланади.
Экспедиция 30 та машинали кортеждан иборат бўлади. Иштирокчилар орасида блогерлар, бизнес, илмий ва таълим ҳамжамиятлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари бўлади.
Ўзбекистондаги бизнес дастурига қуйидаги йўналишлар бўйича форсайт-сессиялар киритилади: давлат тизимларини рақамлаштириш, сунъий интелект, маълумотларни қайта ишлаш маркази, тадбиркорлар учун семинарлар, шунингдек, Самарқандда қуёш электр станциясига ташриф режалаштирилган.
“Евроосиё юрагига саёҳат” халқаро ташаббус бўлиб, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондаги ҳамфикрлар ҳамжамиятлари ўртасида ташкил этилган.