ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан Барқарор ўрмон хўжалиги асосида ўрмонзорлаштириш ва ўрмон тиклаш бўйича Ҳаракатлар Декадаси” ҳақидаги резолюцияни қабул қилди, дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, резолюцияга 80 тадан ортиқ давлат ҳаммуаллиф ҳисобланади. Улар дунёнинг барча минтақаларини, жумладан, Марказий Осиё давлатларини, Озарбайжон, Россия, Бразилия, Австрия, Германия, Финляндия, Португалия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, БАА, Қатар, Баҳрайнни ўз ичига олади.
“Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг асосий ташаббуслари, жумладан “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили” дастури, “Яшил макон” миллий лойиҳаси ва “Марказий Осиё Яшил камар” дарахт экиш акцияси асосида яратилган”, — дейилади хабарда.
Резолюция 2027–2036 йилларни Ўрмонзорлаштириш ва Ўрмон тиклаш Ҳаракатлар Декадаси деб эълон қилади, куч ва ресурсларни мобилизация қилишга чақиради, шунингдек, давлатлар ва ташкилотларни тегишли чора-тадбирларни кучайтиришга тавсия этади.