Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Путин КХДР армиясига Курск вилоятини озод этишдаги ёрдами учун миннатдорлик билдирди

Владимир Путин: Россия халқи Корея махсус кучлари аскарларининг жасоратини ҳеч қачон унутмайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Курск вилоятига бостириб кирган украинлик жангариларни мағлуб этишда иштирок этган Корея халқ армияси бўлинмаларига миннатдорлик билдирди, деб хабар қилди Кремль матбуот хизмати.
Шанба куни мамлакат Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов Путинга Курск вилоятини Украина Қуролли кучлари жангариларидан озод қилиш операцияси якунлангани ҳақида ҳисобот берди.
Россия етакчиси таъкидлаганидек, бу Киев режимининг барҳам топишини яқинлаштиради ва армиянинг фронтнинг бошқа муҳим ҳудудларида муваффақиятли ҳаракатлари учун шароит яратади.
“2024 йил 19 июндаги Россия Федерацияси ва Корея Халқ Демократик Республикаси ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги Шартноманинг мазмуни ва руҳига мувофиқ, халқаро ҳуқуққа тўлиқ мувофиқ ҳолда Корея халқ армияси бўлинмалари ҳудудимизга бостириб кирган Киев режимининг неонацист тузилмаларини мағлуб этишда фаол иштирок этди”, — дейилади хабарда.
Хусусан, шартноманинг 4-моддасига мувофиқ, аҳдлашувчи томонлардан бирига қуролли ҳужум қилинган тақдирда зудлик билан ҳарбий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.

“Кореялик дўстлар бирдамлик, адолат ва самимий ўртоқлик туйғуси билан ҳаракат қилишди. Биз буни юксак қадрлаймиз ва шахсан КХДР Давлат ишлари раиси ўртоқ Ким Чен Инга, бутун раҳбариятга ва халқига самимий миннатдорлик билдирамиз. Биз рус аскарлари билан елкама-елка ватанимизни ўз ватанидек ҳимоя қилган кореялик аскарларнинг қаҳрамонлиги, юксак даражадаги махсус тайёргарлиги ва фидойилигига ҳурмат бажо келтирамиз. Улар ўз бурчларини шараф ва жасорат билан бажаришди”, — деди Россия президенти.

Қайд этилишича, Россия халқи Корея махсус кучлари аскарларининг жасоратини ҳеч қачон унутмайди. Россия учун умумий эркинлик учун жонини фидо қилган корейс қаҳрамонлари рус қуролли биродарлари билан тенг равишда ҳурмат қилинади.
Россия раҳбари мамлакатлар ўртасидаги жанг майдонида мустаҳкамланган дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари бундан буён ҳам барча йўналишларда муваффақиятли ва жадал ривожланиб боришига ишонч билдирди.
Маълумот учун, Украина жангарилари 2024 йил 6 август куни эрталаб Курск вилоятига бостириб кирди. Уларнинг юриши тўхтатилди. Март ойи бошида рус қўшинлари кенг кўламли ҳужумни бошлади ва бир неча кун ичида 1100 квадрат километрга яқин ҳудудни озод қилди. Умуман олганда, босқин бошланганидан бери 60 тадан ортиқ аҳоли пунктлари назорат остига қайтарилди, уларнинг ярмидан кўпи, шу жумладан, Суджа — сўнгги икки ой ичида. Фронтнинг ушбу қисмида бўлган жангларда душман 76550 нафардан ортиқ аскарини йўқотди.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
Россия ҳарбийлари Курск вилоятини озод қилди