Шанхайда Ўзбекистон миллий павильони очилди

Шанхайда Ўзбекистон миллий павильонининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Шанхай шаҳрида Ўзбекистон миллий павильони очилди, дея хабар берди “Дунё" АА.
Ўзбекистон миллий павильонининг очилиш маросимида республиканинг ижтимоий-иқтисодий ва инвестицион имкониятлари тўғрисида тақдимот ўтказилди.
"Ўзбекистоннинг Шанхайда очилган миллий павильони мамлакатларимиз ўртасидаги жонли мулоқот майдони сифатида ташкил этилди. У Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик кўприги бўлиб, икки томонлама муносабатларнинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилишига чин дилдан ишонаман", — деди "Shanghai Waigaoqiao Group" компанияси вакили Чэнь Бинь.
Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият олиб бораётган хитойлик тадбиркорлар мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва шарт-шароитлар, давлат томонидан тақдим этилаётган божхона, солиқ ва транспорт-логистика имтиёзлари ҳақида сўзлаб беришди.
Тадбирда шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти оид видеолавҳалар намойиш этилди ва ўзбек миллий рақслари ижро этилди.
Бундан ташқари, "Ипак йўлининг чой анъаналари – Ўзбекистон-Хитой бир пиёлада" маданий дастури тақдим этилди.
Хитойда Ўзбекистон туризм йили тадбирлари бўлиб ўтмоқда