ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бугун, 26 апрель куни телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ўтган йил август ойида Озарбайжон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари диққат марказида бўлди.
Иқтисодий кооперация йили доирасида самарали ишлар олиб борилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 20 фоизга ошди. Автомобилсозлик, тўқимачилик, электротехника, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар фаол босқичга кирган.
Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги саммитларга пухта тайёргарлик кўриш, жумладан, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, ҳудудлар ва ректорлар форумлари, маданий тадбирларни ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Етакчилар минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак кўп томонлама, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.