ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. БААда Ўзбекистон фуқаролари учун қайтадан виза режими жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.
"Сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланди", - дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, бироз олдин Дубай шаҳрида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида можаро содир бўлган. Дубай жиноят қидирув бошқармаси мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб бормоқда, 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.
Ушбу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларини хорижда мамлакат шаънига доғ туширувчи ҳаракатлар қилмасликка чақирган.