ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашувидаги раислиги доирасида Тошкентда Марказий Осиё давлатлари махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.
Тадбир очилишида иштирокчиларга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда Марказий Осиё давлатлари махсус хизматлари мулоқоти минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшма ёндашувлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.
“Учрашув давомида асосий эътибор минтақа мамлакатлари хавфсизлигига замонавий таҳдидлар ва хатарларга баҳо беришнинг ягона ёндашувларини ишлаб чиқиш, шунингдек, уларни бартараф этишда махсус хизматлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш масалаларига қаратилди”, — дейилади хабарда.
Томонлар қуйидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишди:
минтақавий хавфсизлик;
терроризм;
экстремизм;
ноқонуний наркотик ва қурол-яроқ айланмасига қарши курашиш;
трансмиллий жиноятчилик;
ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш.
Айтилишича, мазкур тадбир Марказий Осиё давлатлари ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлиб, минтақада тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида махсус хизматлар раҳбарларининг мунтазам учрашувларига асос солди.