ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik, Баҳром Ҳатамов. Бухоро нафақат Ислом маданияти маркази, балки бой табиий ресурсларга эга экотуризм масканига ҳам айланмоқда. Бунга Бухоро марказидан 15 км узоқликда жойлашган “Бухоро Варнет" ботаника боғини мисол қилиш мумкин.
Очиқ ва ёпиқ иссиқхона зоналарига эга бўлган бу боғда 10 мингдан зиёд ўсимлик турлари, ранг-баранг гуллар, экзотик дарахтлар ҳамда мукаммал ландшафт дизайни жамланган. Мажмуа ёпиқ ҳолатда бўлгани учун тўрт фаслда ҳам бир хил гўзаллик ва ҳаво сифати сақланади. Бу ерда нафақат яшил хиёбонлар бўйлаб сайр қилиш, балки ноёб қушлар, балиқлар ва экзотик меваларни учратиш ҳам мумкин.
Боғда болалар учун махсус ўйин майдонлари, концерт заллари, оилавий ҳордиқ чиқариш жойлари ҳам бор. Шунингдек, ногиронлиги бўлганлар ва кексалар учун махсус аравача хизмати бепул тақдим этилади. Боғ кунига 2000 нафаргача ташриф буюрувчиларни қабул қилиш имконига эга.