Мирзиёев Рим Папасининг вафоти муносабати билан бутун католик аҳлига ҳамдардлик изҳор этди

Шерзод Асадов: президент Ватикан халқига, ер юзидаги бутун католик аҳлига чуқур таъзия ва ҳамдардлик туйғуларини изҳор этди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рим Папаси Францискнинг вафоти муносабати билан Рим-католик черкови камерленгоси кардинал Кевин Фарреллга ҳамдардлик йўллади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Telegram-каналида.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Рим Папаси Францискнинг вафоти муносабати билан Рим-католик черкови камерленгоси кардинал Кевин Фарреллга ҳамдардлик йўллади. Давлатимиз раҳбари ўз мактубида Руҳоний Ҳазратлари Ўзбекистон ва Ватикан ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, динлар ва конфессиялараро дўстликни мустаҳкамлаш, бутун жаҳонда муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, эзгу ғояларни кенг тарғиб этиш ишига муносиб ҳисса қўшганини таъкидлади”, — деб ёзади Шерзод Асадов.
Шунингдек, президент Ватикан халқига, ер юзидаги бутун католик аҳлига чуқур таъзия ва ҳамдардлик туйғуларини изҳор этди.
Россия президенти Владимир Путин ҳам Рим папасининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди, деб хабар қилди Кремль матбуот хизмати. Россия Федерацияси раҳбарининг сўзларига кўра, Рим папаси Франциск насроний таълимотининг содиқ хизматкори, доно дин ва давлат арбоби, инсонпарварлик ва адолатнинг юксак қадриятларининг изчил ҳимоячиси сифатида катта халқаро обрўга эга эди.
Эслатиб ўтамиз, Рим папаси Франциск 88 ёшида вафот этди. ОАВга кўра, Рим папаси Францискнинг дафн маросими 23 апрель куни Қуддусдаги Муқаддас қабр черковида бўлиб ўтади.
Рим папаси Франциск вафот этди