TOШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. АҚШ Украинада тинчлик келишуви доирасида Қримни Россия ҳудуди деб тан олишга тайёр, деб хабар бермоқда “Bloomberg” манбаларга таяниб.
“АҚШ Москва ва Киев ўртасидаги кенгроқ тинчлик келишуви доирасида Қрим устидан Россия назоратини тан олишга тайёр”, — дейилади хабарда.
Бироқ, Вашингтон ҳали бу масала бўйича якуний қарорга келгани йўқ, дея таъкидлаган агентлик.
Тинчлик жараёни
18 март куни Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Дональд Трамп телефон орқали суҳбатда Украинадаги вазиятни тартибга солиш масаласини муҳокама қилди. Хусусан, Россия раҳбари можаро томонларининг 30 кун давомида энергетика инфратузилмасига ҳужум қилишдан ўзаро тийилиш ғоясига ижобий жавоб берди ва ҳарбийларга шундай буйруқ берди. Владимир Зеленский ҳам Киев расмийлари бу таклифни қўллаб-қувватлашига ваъда берди.
24 март куни Ар-Риёдда Россия ва АҚШ техник гуруҳларининг эксперт учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар Россия ва Украинадаги энергетика объектларига ҳужумларга вақтинчалик мораторий қўйиш бўйича келишиб олдилар.
Энди унинг муддати тугади, бироқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Киев аслида эришилган келишувга қўшилмади ва Украина Қуролли кучлари Россия энергетика объектларига ҳужумларни давом эттирди.
Песковнинг аниқлик киритишича, Путин бу борада бошқа ҳеч қандай кўрсатма бермаган, Украина бўйича вақтинчалик мораторий билан боғлиқ музокараларда бироз олдинга силжиш кузатилган. Бироқ, олдинда ҳали кўп муҳокамалар бор, дея қўшимча қилди расмий.