TOШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Марказий Осиё давлатлари қўшма телеканал ва медиа платформа яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Остонада бўлиб ўтган II Марказий Осиё медиа-форумида Қозоғистон маданият ва ахборот вазири Аида Балаева маълум қилди, деб ёзмоқда Sputnik Қозоғистон.
Остонада II Марказий Осиё медиа форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Қозоғистон, Россия, Хитой, Ўзбекистон, Озарбайжон, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардан 500 тадан ортиқ оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, журналистлар, блогерлар ва экспертлар иштирок этмоқда.
Балаеванинг сўзларига кўра, Қозоғистон Ўзбекистон билан 2025 йилгача бўлган ҳамкорлик режасини имзоланган. Ҳужжатда контент алмашиш, тренинглар ўтказиш, фейкларга қарши кураш ва ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.
Қозоғистон вазири Марказий Осиёнинг бошқа давлатларини ҳам ушбу ташаббусга қўшилишга таклиф қилди.
“Давлатимиз раҳбари ягона ахборот маконини яратиш ғоясини илгари сурди ва мазкур форум уни мустаҳкамлашда бошланғич нуқтага айланмоқда", – деди Маданият ва ахборотлаштириш вазири ўринбосари Канат Искаков.
Форумда муҳокама қилинадиган асосий мавзулар: сунъий интеллект ва катта маълумотлар даврида медианинг рақамли трансформацияси, шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг мамлакат имижини тарғиб қилишдаги ўрни.