TOШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистонда 1000 нафар эҳтиёжманд аҳоли бепул скринингдан ўтказилиб, катаракта аниқланган беморларда сунъий гавҳар имплантацияси амалга оширилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Республикада кўз катарактасидан азият чекаётганларга жарроҳлик йўли билан офтальмологик ёрдам кўрсатиш мақсадида мурувват акцияси бошланди.
Акция Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ва Бирлашган Араб Амирликларининг “NOOR Dubai” халқаро ташкилоти томонидан ўтказилмоқда.
“Акция доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган жами 1000 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бемор юқори технологик скрининг текширувларидан ўтказилиб, катаракта касаллиги аниқланганларга даволашнинг “олтин стандарти” асосида юқори технологик факоэмулсификация усулида сунъий гавҳар имплантацияси билан жарроҳлик амалиёти бажарилади”, — дейилади хабарда.
Акция 14-17 апрель кунлари Тошкентда, 17-19 апрель кунлари Самарқандда – марказ филиалида ўтказилади.
Қайд этилишича, ҳар бир беморга жарроҳликдан кейин даволанишни давом эттириш учун барча дори ва сарфлов воситалари бепул тақдим этилади.