ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik, Баҳром Ҳатамов. Бухоронинг машҳур Регистон майдони яқинида, илгари қадимий қабристон ўрнида ҳозир Сомонийлар боғи барпо этилган. Ушбу боғда қуёш нурларидан чароғон бўлиб турган буюк тарихий ёдгорлик — Сомонийлар мақбараси жойлашган.
Бу буюк тарихий ёдгорлик халқнинг маънавий мероси сифатида ажралиб туради. Мақбара Сомонийлар сулоласининг асосчиси Исмоил Сомоний томонидан ўзининг отаси Аҳмад ибн Асад учун қурдирилган. Кейинчалик бу жой Сомонийлар сулоласининг асосий дафн маҳаллига айланиб, Исмоил Сомони ва унинг набиралари ҳам шу ерда дафн этилган.
Сомонийлар сулоласи даврида Бухоро мусулмон оламининг йирик илмий ва маданий марказига айланган. Бу замон “Шарқ Ренессанси” деб аталади. Шу даврда Абу Али ибн Сино, Рўдакий, Беруний, Фирдавсий, Форобий, Ал-Хоразмий, Табари каби алломалар яшаб ижод қилган.