ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкини (ЕОТБ) таъсис этувчи халқаро битимга қўшилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм канали хабар берди.
"Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги Битимга қўшилиши тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Қонун билан Ўзбекистон мазкур халқаро битимга қўшилди.
Битимнинг асосий мақсади – инвестиция фаолияти орқали унга қўшилган иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ўсишига ва улар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашиш.
Маълумот учун, мазкур битим 2006 йил 12 январда Остона шаҳрида қабул қилинган.
ЕОТБ Евроосиё маконида инвестиция фаолиятини амалга оширувчи халқаро молиявий ташкилотдир. 17 йилдан ортиқ вақт мобайнида ЕОТБ ўз аъзолари бўлган мамлакатларнинг иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга, ҳар томонлама ривожланишига кўмаклашиб келмоқда.
ЕОТБнинг устав капитали — 7 млрд доллар. Банк портфелидаги асосий улушни транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергия, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларида интеграция эффектига эга бўлган лойиҳалар эгаллайди.