ТДТга аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирлари қўшма декларация имзолади

Ўзбекистон, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, тажриба алмашиш дастурларини кенгайтириш ва қўшма таълим ташаббусларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 апр – Sputnik. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирлари Остонада қўшма декларация имзолади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Туркия соғлиқни сақлаш вазирлари — Асилбек Худаяров, Акмарал Алназарова, Теймур Мусаев, Эркин Чечейбаев, Кемал Мемисоғлу, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Ўмуралиев иштирок этди. ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге меҳмон сифатида таклиф қилинди.
Министры здравоохранения стран-членов Организации тюркских государств подписали Совместную декларацию
Тадбирда ТДТга аъзо давлатларда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш, Туркий давлатлар ташкилотида ушбу йўналишдаги халқаро тузилмаларнинг роли каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда 2025–2026 йилларга мўлжалланган Ҳаракат режасини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. Мазкур режага мувофиқ ҳамкорлик йўналишлари, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида илғор технологияларни жорий этиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, туркий мамлакатларда тиббий туризм, фармацевтика ва трансплантацияни ривожлантириш, тиббий хизматларнинг фавқулодда вазиятларга тайёрлигини ошириш каби вазифалар белгиланади.
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Ўмуралиев ўз чиқишида тузилма аъзолари ўртасидаги ҳамкорлик ва 2023 йилда қабул қилинган Ҳаракат режасини бажариш борасида сезиларли ютуқларга эришилганини таъкидлади. Шунингдек, ЖССТ Европа минтақавий бюросининг қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги ролини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, тажриба алмашиш дастурларини кенгайтириш ва қўшма таълим ташаббусларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Министры здравоохранения стран-членов Организации тюркских государств подписали Совместную декларацию

Унинг айтишича, бу – соғлиқни сақлаш соҳасини жаҳон стандартларига жавоб беришининг муҳим кафолати. Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар ва ҳамкорлар билан алоқаларни кучайтириш орқали биологик хавфсизлик, микробларга қарши чидамлиликка қарши курашиш, эпидемиологик назоратни такомиллаштириш масалаларини биргаликда ҳал қилиш имкони янада кенгаяди.

Тадбирда соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, экспертлар, олимлар, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари ўртасида ўзаро билим ва тажриба алмашилди.
Учрашув якунлари бўйича вазирлар қўшма декларацияни имзолади. Унга кўра, рақамли соғлиқни сақлашнинг муҳим роли эътироф этилиб, ТДТга аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатларда рақамли тиббиёт ечимлари, жумладан, электрон рецептлардан самарали фойдаланиш бўйича келишувга эришилди.
Ҳужжатда ТДТга аъзо давлатлар ва кузатувчилар учун ягона тиббий илмий макон яратиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, бу йўналишдаги таълимнинг ягона стандартларини белгилаш ва узлуксизлигини таъминлаш, соҳада ахборот-коммуникация технологияларини жадал қўллаш, электрон соғлиқни сақлашнинг ягона тартибини ишлаб чиқиш орқали беморлар маълумотларини трансчегаравий алмашиш таклиф этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Туркий давлатлар ташкилоти соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилиши Самарқандда бўлиб ўтган эди.
Ўзбекистонда илк бор мураккаб эпилепсияни ноёб амалиёт орқали даволаш йўлга қўйилди