ТОШКЕНТ, 8 апр – Sputnik. Афғонистонда Ўзбекистон дори-дармон воситаларини рўйхатдан ўтказиш муддати олти ойдан бир ойга қисқартирилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон ССП раиси Даврон Ваҳабов бошчилигидаги делегация Афғонистон Ислом Амирлигининг соғлиқни сақлаш вазири Мавлавий Нур Жалол Жалолий билан учрашди.
Учрашувда фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича эса долзарб масалалар кўриб чиқилди.
“Хусусан, тадбиркорлар томонидан Афғонистонда дори-дармон воситаларини рўйхатдан ўтказиш муддати олти ойдан бир ойга қисқартирилиши, шунингдек, бир марта импорт қилишга рухсат бериш тартиби жорий этиш таклифлари илгари сурилди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири ушбу ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Ушбу шароитлар маҳсулот сифати ва рақобатбардош нархлар билан биргаликда Ўзбекистон фармацевтика компаниялари учун Афғонистон бозоридаги улкан салоҳиятни рўёбга чиқариш имконини яратади. Жорий йил охиригача экспорт ҳажмини 50 миллион доллардан ошиши мумкин.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса, фармацевтика ва стоматология йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Жумладан, Афғонистон томони Термиз шаҳрида стоматология бўйича мутахассис ёшларни ўқитиш, аҳолига стоматологик хизмат кўрсатишни кучайтириш ҳамда 20 тага яқин филиал очиш бўйича таклиф билдирди. Ушбу ташаббус минглаб фуқароларни тиш муаммоларидан халос қилишга хизмат қилиши таъкидланди.