ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари ўсимлик мойлари жаҳон бозорида мавжуд позицияларни мустаҳкамлаш ва янги ўринларни эгаллаш учун барча шарт-шароитларга эга. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссиясининг (ЕИК) Агросаноат сиёсати департаменти директори Наира Карапетян таъкидлади.
Карапетян Москвада бўлиб ўтган Ёғ-мой конференциясининг ялпи мажлисида ЕОИИда ёғ ва мой саноатининг юқори натижаларини қайд этди.
Комиссия вакили сессия иштирокчиларига 2024 йилда ЕОИИда ёғли ўсимликларнинг асосий турлари бўйича ялпи ҳосил 34,6 миллион тоннага етганини маълум қилди, бу 2019 йилга нисбатан 33 фоизга кўп. Ҳосилнинг юқорилиги ўсимлик мойлари ишлаб чиқаришнинг бир ярим баробар – 11,6 миллион тоннага кўпайишига хизмат қилди.
Таъкидланишича, аъзо давлатлар аҳолининг ички талабини инобатга олган ҳолда 120 дан ортиқ давлат бозорларида тайёр маҳсулот сотади. ЕОИИнинг асосий савдо ҳамкорлари Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Жазоир, Ўзбекистон ва Тожикистондир. Иттифоқ кунгабоқар ёғи етказиб бериш бўйича дунёда иккинчи, колза ёғи бўйича учинчи ўринда туради.
“Иттифоқ мамлакатларида жаҳон бозорида мавжуд мавқеларини мустаҳкамлаш ва янги ўринларни эгаллаш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Шу нуқтаи назардан, рақобатлашмаслик, балки ўзаро манфаат кўриш учун келишилган қарорлар қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга. Комиссия реал сектор эҳтиёжларига жавоб берадиган ҳамкорлик учун шарт-шароитлар яратиш учун бизнес вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқотга тайёр”, - дея хулоса қилди Наира Карапетян.