Ўтган ойда дунё бўйича вабодан ўлим кўрсаткичи 32 фоизга ошди — ЖССТ

ЖССТ баёнотига кўра, шу йилнинг 1 январидан 23 февралига қадар 23 давлатда қарийб 70,5 мингта вабога чалиниш ҳолати қайд этилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. Ўтган ойда дунё бўйича вабодан ўлим кўрсаткичи 32 фоизга ошди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди.
ЖССТ баёнотига кўра, шу йилнинг 1 январидан 23 февралига қадар 23 давлатда қарийб 70,5 мингта вабога чалиниш ҳолати қайд этилган. Беморлардан 808 нафари ҳаётдан кўз юмган.
Февраль ойига келиб касалланиш кўрсаткичлари аввалги ойга нисбатан 14 фоизга камайган, ўлим даражаси бу даврда 32 фоизга ошган.
Мутахассислар фикрича, мазкур эпидемия авж олишига табиий офатлар, иқлим ўзгариши, айниқса, сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларда инфратузилма ёмонлиги ҳамда тиббий хизматлардан фойдаланиш чеклангани каби трансчегаравий омиллар сабаб бўлмоқда.
ЖССТ ҳисоботида февраль ойида вабога қарши вакциналар ишлаб чиқариш суръати ошгани қайд этилади. Бироқ бу ҳозирча глобал эҳтиёжларни тўлиқ таъминлаш учун етарли эмас.
Шунингдек, тоза ичимлик суви таъминоти, санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш вабо эпидемиясини тўхтатишнинг узоқ муддатга мўлжалланган ягона барқарор ечими бўлиб қолмоқда.
Маълумот учун, вабо ингичка ичакнинг зарарланиши, интоксикация, умумий аҳвол оғирлашуви ва организм сувсизланиши билан кечадиган ўта хавфли ўткир инфекцион касаллик ҳисобланади.
Дунёда вабо эпидемияси авж олмоқда — ЖССТ