Ўзбекистон Науру билан дипломатик муносабатлар ўрнатди

Науру Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 159-давлат бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 мар – Sputnik. АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Науру ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма комюнике имзоланди.
“Дунё” АА хабарига кўра, икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Наурунинг БМТдаги доимий вакили Лара Эраб Даниел имзолади.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканликларини билдиришди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш учун икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Таъкидланишича, ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистон билан хорижий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришда муҳим қадам бўлди.
Шу тариқа, Науру Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 159-давлат бўлди.
Ўзбекистон ва Сомали ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди