TOШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, мулоқотда давлат раҳбарлари муборак Рамазон ойи ва яқинлашиб келаётган баҳор айёми - Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлашди.
“Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари батафсил муҳокама қилинди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда, шу жумладан ҳудудлар даражасида амалий ҳамкорлик бўйича лойиҳаларни илгари суриш мақсадида ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Етакчилар бўлажак олий ва юқори даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини, шу жумладан "Марказий Осиё плюс" форматидаги саммитларга тайёргарликни кўриб чиқишди.
Шу кунларда Қозоғистон шаҳарларида ўтаётган қўшма маданий-гуманитар тадбирларга юксак баҳо берилди.