Фарғонада "Ўрик гуллаганда" фестивали ўтказилади — сана ва манзиллар

Фестиваль доирасида 10 га яқин тадбирлар бўлиб ўтади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Фарғонада "Ўрик гуллаганда" фестивали ўтказилади, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
“18 март куни Олтиариқ туманидаги Қапчуғай ва 25 март куни Ўзбекистон туманидаги Ўқчи қишлоғида “Ўрик гуллаганда” II ёшлар ижодиёт фестивали бўлиб ўтади”, — дейилади хабарда.
Фестиваль доирасида қуйидагилар ташкил этилади:
миллий ўйинлар;
фольклор жамоалар чиқишлари;
санъаткор ва ҳунармандлар асарлари намойиши;
ёш полвонлар ўртасидаги кураш мусобақалари;
ош танловлари;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси.
Шунингдек, тадбирларда таниқли санъаткорлар иштирок этади.
“Сизларни кўнгилларга кўклам тароватини олиб кирувчи ёшлик ва табиат байрами, яратиш-яшнатиш анжумани, ижодкорлик ва миллийлик сайли – “Ўрик гуллаганда” фестивалига таклиф этамиз!”, — дея қайд этилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги Наврўз умумхалқ байрами Ўзбекистонда “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида нишонланади.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, байрам арафасида барча ҳудудларда, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш акцияларини, умумхалқ ҳашарларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистонликлар март ойида неча кун дам олади?