ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Беларусь қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳалар тўпламини ишлаб чиқади, дея хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Беларуснинг мамлакатдаги элчиси Александр Огородников билан учрашди. Томонлар аграр соҳада икки давлат ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди.
Айтилишича, элчи Александр Огородников Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг сифати ва ўзига хос таъми Беларусь компаниялари орасида катта қизиқиш уйғотаётганини қайд этди.
Иброҳим Абдураҳмонов ўз сўзида Беларуснинг “Servolux Group” компанияси томонидан Тошкент вилоятида амалга оширилаётган парранда гўшти ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш лойиҳасини шахсан кўздан кечирганини, бундай ташаббуслар ҳар икки давлат учун манфаатли эканини таъкидлади.
“Музокараларда истиқболли йўналишлар бўйича қўшма лойиҳалар пакетини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, томонлар болалар озуқаси ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш, голубика етиштириш, картошкачиликни ривожлантириш ҳамда аграр соҳани механизациялаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.