ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Курск вилоятидаги Суджа шаҳрининг марказий майдонида Россия байроғи кўтарилди. Бу ҳақда “Шимол” қўшинлар гуруҳи таркибида фаолият юритувчи 11-алоҳида гвардия десант-ҳужум бригадасининг парашют батальони қўмондони РИА Новостига маълум қилди.
“Бугун, 12 март куни, Суджа шаҳар маъмурияти биносида Россия Федерацияси ва ушбу операцияда иштирок этаётган қуролли кучлар бўлинмаларининг байроқлари кўтарилди”, — деди Тъма чақирув белгиси билан батальон командири.
Ўтган йилнинг 6 август куни эрта тонгида Украина Қуролли кучлари бўлинмалари Россия ҳудудини эгаллаб олиш мақсадида Курск вилоятига бостириб кирди. Улар назорат қила олган энг катта аҳоли пункти Суджа эди. Шу сабабли шаҳар асосий логистика маркази сифатида ишлатилган, у орқали Киев ўз бўлинмаларини барча яқин атрофдаги қишлоқ ва шаҳарларга етказиб берган.
Россия қўшинлари душманнинг олдинга силжишини тўхтатиб, уни минтақадан мунтазам равишда сиқиб чиқара бошлади. Ўтган ҳафта охирида улар Курск вилоятида кенг кўламли ҳужумни бошлашди ва бир неча кун ичида Старая Сорочина, Малая Локня, Черкасское Поречное, Мартиновка, Михайловка ва бошқаларни ўз ичига олган кўплаб аҳоли пунктларини озод қилишди.
Умуман олганда, Курск чегара ҳудудидаги жангларда Украина Қуролли кучлари 66 мингдан ортиқ аскар, 400 га яқин танк ва минглаб бошқа техника воситаларини йўқотди.