Олтой ўлкаси ўзбекистонликларни ишга жалб этмоқчи бўлган соҳаларни маълум қилди

Олтой ўлкасида ўтган йили берилган меҳнат патентларининг учдан икки қисми Ўзбекистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 март — Sputnik. Ўзбекистонликларни Россиянинг Олтой ўлкасидаги корхоналарга ишга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон бош консулхонаси ташаббуси билан Миграция агентлигининг Новосибирск шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда Россиянинг Олтой ўлкаси ҳукумати раҳбарияти ва салоҳиятли иш берувчилар билан онлайн музокара ўтказилди.
Олтой ўлкаси ҳукумати раисининг ўринбосари, Россиянинг ушбу минтақа бўйича иқтисодий ривожланиш вазири Евгений Дешевихнинг айтишича, 2024 йил охирида Олтой ўлкасида ишлаш учун таклиф қилинган 11 минг хорижий ишчининг олти мингдан ортиғи Ўзбекистон фуқароларидир.
Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров ўз навбатида, ватандошларни мазкур ҳудуд корхоналарида, жумладан, қишлоқ хўжалиги ташкилотларида иш билан таъминлаш масаласи муҳимлигини таъкидлади.
“Олтой ўлкаси меҳнат ва бандлик бошқармаси вакиллари мамлакатимиздан меҳнат мигрантларини қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, савдо ва бошқа соҳаларга жалб этишга имкониятлар борлигини маълум қилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 2024 йилда берилган меҳнат патентларининг учдан икки қисми Ўзбекистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.
2025 йилда Россияда мигрантлар учун патент нархи қанча бўлади?
“Томонлар Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида мамлакатимиз фуқароларини Россиянинг ушбу ҳудудидаги турли корхоналарга ишга жалб этишга алоҳида эътибор қаратишга келишиб олишди”, — дея қайд этилган хабарда.
Олтой ўлкаси ва Сирдарё вилояти ишбилармонлари ҳамкорлик қилади — тафсилотлар