ТОШКЕНТ, 4 март — Sputnik. Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги Агрохизматлар марказида Хитой тажрибаси асосида уруғчилик ва кўчатчиликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга оид тақдимотда маълум қилинди.
Айтилишича, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги бўйича 14 та илмий институт, 55 та уруғчилик хўжалиги бўлгани билан, янги нав ва агротехнология масаласида оқсоқлик бор. Деҳқонлар маҳаллий уруғдан манфаат кўрмагани учун чет элникини экаяпти.
Шунинг учун, Юқори Чирчиқ туманидаги Агрохизматлар марказида Хитой тажрибаси асосида уруғчилик ва кўчатчиликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун 200 миллион доллар сармоя киритилиб, пахта, буғдой, шоли, макка, узум ва мева навлари кўпайтирилади.
"Уруғ олишдан бошлаб, уни замонавий техника ва дронлар ёрдамида экиш, дорилаш, йиғиш ва қайта ишлаш бўйича намунавий ҳудуд ташкил қилинади", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, соҳада малакали кадрларни тайёрлаш масадида бу йил 200 нафар ёшлар Италиядаги бир қатор олийгоҳларга юборилади.
Қолаверса, Тошкент давлат аграр ҳамда Халқаро қишлоқ хўжалиги университетлари, Фарғона озиқ-овқат институтида талабаларни Японияга юбориш учун япон тили марказлари ташкил этилмоқда.