TOШКЕНТ, 4 март — Sputnik. Ҳиндистондан Ўзбекистон орқали Қозоғистонга биринчи контейнер поезди йўлга қўйилди, дея хабар берди "Ўзтемирйўлконтейнер" АЖ матбуот хизмати.
“Транспорт йўлакларини кенгайтириш ва халқаро юк ташишларни ривожлантириш доирасида "Ўзтемирйўлконтейнер" АЖ, "ТУЛМ" ОАЖ ва "Кедентранссервис" АЖ ҳамкорлигида Ҳиндистондан Қозоғистонга биринчи контейнер поезди йўлга қўйилди”, — дейилади хабарда.
Таркибида 12 та йигирма футлик контейнер бўлган поезд Ҳиндистоннинг Мундра портидан Қозоғистоннинг Сороковая станциясига Ҳиндистон-Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон йўналишида ҳаракатланиб, 1 585 км денгиз орқали ва 4 300 км темир йўл орқали босиб ўтади.
Ўтган йилда ушбу йўналиш бўйлаб Ҳиндистондан Ўзбекистонга (Мундра – Сергели) 20 та йигирма футлик контейнер ташувлари муваффақиятли амалга оширилган эди.
"Ўзтемирйўлконтейнер" бошқарув раисининг таъкидлашича, компания Ҳиндистон – Марказий Осиё мультимодал йўналишида мунтазам контейнер поездларини йўлга қўйишни режалаштирган.
Айтилишича, бу ўз навбатида савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда экспортёр ва импортёрлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.