TOШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Кубаничбек Боконтаев Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари фуқаролари учун Россия аэропортлари, миграция марказлари ва идораларида алоҳида йўлаклар очишни таклиф қилди, деб ёзмоқда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Россия Давлат думасининг МДҲ, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раиси Леонид Калашников Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Кубаничбек Боконтаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда элчи қонунчиликка ўзгартиришлар киритишда ЕОИИ ишчилари учун берилган имтиёзларни сақлаб қолишга чақирди. Шунингдек, қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда интеграция бирлашмасининг мақсадларига эришишга хизмат қиладиган ЕОИИ мамлакатлари ишчилари учун назарда тутилган барча имтиёзли шарт-шароитларни сақлаб қолиш ва таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
“Дипломатик миссия раҳбари Москва ва бутун Россия бўйлаб аэропортлар ва миграция марказлари ва идораларида ЕОИИ мамлакатлари фуқаролари учун алоҳида ўтиш жойлари (йўлаклар) ва хизмат кўрсатиш ойналарини очишни таклиф қилди”, — дейилади хабарда.
Томонлар Қирғизистон ва Россия ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш учун доимий алоқаларни давом эттиришга келишиб олишган.