ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбекистон “Халқ ижодиёти карвони” халқаро фольклор-этнографик фестивалини ўтказишни таклиф қилди, дея хабар берди МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати.
Республика вакиллари бу ташаббусни Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг Гуманитар ҳамкорлик бўйича кенгаши ва Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси бошқаруви қўшма мажлисида илгари сурди.
Учрашувда Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда тарихий-маданий муштараклик, маънавий анъана ва қадриятлар, халқлар ўртасидаги ишончга асосланган гуманитар соҳа устуворлиги таъкидланди.
Кун тартибига 20 дан ортиқ савол киритилган.
“Қўшма йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон томонининг “Халқ ижодиёти карвони” халқаро фольклор-этнографик фестивалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини муҳокама қилди. Фестиваль Ҳамдўстлик мамлакатлари ёшлари ўртасида фольклор санъатини кенг тарғиб этиш, МДҲга аъзо давлатларнинг миллий маданиятлари ва номоддий маданий мероси уйғунлиги ва хилма-хиллигини сақлаш ва ривожлантириш, анъанавий санъатни оммалаштириш ва унинг замонавий турмуш тарзига интеграциялашувини таъминлаш, халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, — дейилади хабарда.