ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Маҳл билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Томонлар сўнгги йилларда эришилган ҳамкорликнинг мисли кўрилмаган даражада юқори эканлигини мамнуният билан қайд этдилар.
Сабина Маҳл БМТ тизимининг Миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасидаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
БМТнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланишнинг янги асосларини ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва республика учун ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда келгусида ҳамкорлик қилишга тайёрлигига алоҳида эътибор қаратилди.