TOШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Ўзбекистонда энди мактаб ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитишда тадбиркорлар жалб этилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори билан қабул қилинган тегишли низомда назарда тутилган.
Низомда ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишда умумий ўрта таълим муассасалари билан тадбиркорлар ва ҳунармандларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби белгиланди.
Низом қуйидагиларни назарда тутади:
умумий ўрта таълим муассасалари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари;
умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш тартиби;
тадбиркорлар томонидан мактабларда касб-ҳунар тўгаракларини ташкил этиш асослари;
умумий ўрта таълим муассасаларининг бўш турган биноларини тадбиркорларга ижарага беришда умумий ўрта таълим муассасаси ва тадбиркорларнинг мажбуриятлари.
“Касб тўгаракларига касбга қизиқиши бўлган 7–11-синф ўқувчилари жалб этилади”, — дейилади хабарда.
Шу йилдан 8-синф ўқувчилари учун саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, агротехнология соҳаларидаги корхона ва ташкилотларга экскурсиялар ташкил этилади.
2024/2025 ўқув йили якунигача мактаблар битирувчиларини эгаллайдиган касб-ҳунари бўйича амалий имтиҳондан ўтказиш ва уларга электрон сертификат бериш тартиби жорий этилади.