TOШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. “Самарқанд нони” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди, дея хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.
“Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ва “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасасининг кўмаги билан жорий йилнинг 4 февраль куни дунёга машҳур “Самарқанд нони” географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди”, — дейилади хабарда.
Адлия вазири Акбар Тошқулов Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевга “Самарқанд нони” географик кўрсаткич ҳужжатини топширди.
Самаркандская лепёшка зарегистрирована в качестве географического указания
© Министерство юстиции Республики Узбекистан
Маълумот учун, “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги қонунга кўра, товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилади. Унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили “Ғиждувон шашлик” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Бухоро вилоятида биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган ушбу географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома унинг эгаси, яъни Ғиждувон туман ҳокимлигига гувоҳномада кўрсатилган товар турига нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини беради.